АллоҲ ва унинг пайҒамбари олдида Қадам босманглар
Аллоҳ Таоло айтади:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تُقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيِ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيم -1,
– „Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни, иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир“. [49:1]
Аллоҳ инсонни яратди ва унга баённи ўргатди. Жаннат башоратини бериб, дўзахдан огоҳлантирувчи пайғамбарлар юборди. Одамлар орасида улар ихтилоф қилаётган ишларни ажрим қилиб ҳукм юритишлари учун Ҳақ Китобни нозил қилди. Сўнг одамларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиқиш ва уларни тўғри йўлга бошлаш учун унда ҳар бир нарса баён қилинган рисолатларнинг якунловчиси бўлмиш рисолат билан пайғамбарларнинг энг охиргиси Муҳаммад (С.А.В)ни Ўзининг расули қилиб юборди.
Расулуллоҳ (С.А.В) маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган ва Аллоҳга иймон келтирадиган ҳамда инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат барпо қилдилар. У киши оддий кишилар орасидан ҳақдан заррача тойилмай, унда сабот билан турувчи улуғ саҳобийларни тарбияладилар. Агар уларга бирор иш кўндаланг бўлса, у иш бўйича шариат ҳукми чиқар ва улар ўша ишни мазкур ҳукм асосида бажарар эдилар. Аллоҳнинг амри ва расулининг буйруғидан бирор сўз ёки иш билан олдинга ўтиб кетмас эдилар. Бирор ишда шаръий ҳукмни қўйиб, ўрнига вазъий ҳукмни олмас эдилар. Аллоҳнинг ҳадларини бузиб, Унинг Расулининг буйруқларига қарши чиқмас эдилар. Балки каттаю кичик ишларда Набий (С.А.В) босган қадамлардан изма-из юрар эдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин.
Аллоҳ Субҳонаҳунинг амрлари ва Унинг Расули (С.А.В)нинг фармонларига мувофиқ Аллоҳга У хоҳлаганидек ибодат қилишимиз аниқ ҳақиқатдир. Аллоҳ ҳар бир мусулмон киши қилмоқчи бўлган ишига назар ташлашини ва ўша ишни қилишдан илгари у ҳақдаги шаръий ҳукмни билишини, чунки Аллоҳ Субҳонаҳу ундан шу иш тўғрисида сўровчи эканини билмоғини фарз қилган:
فَوَرَبِّكَ لَنَسْأَلَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ -92, عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ -93,
– „Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз“, [15:92-93]
وَمَا تَكُونُ فِي شَأْنٍ وَمَا تَتْلُو مِنْهُ مِنْ قُرْآنٍ وَلا تَعْمَلُونَ مِنْ عَمَلٍ إِلاَّ كُنَّا عَلَيْكُمْ شُهُوداً إِذْ تُفِيضُونَ فِيهِ
– „(Эй Муҳаммад), сиз қандай (иш билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда - албатта Биз сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз“. [10:61]
Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло Ўз бандаларига уларнинг қилган ишларига гувоҳ бўлиши хабарини беришининг маъноси шуки, Аллоҳ бандаларидан қилган ишлари ҳақида сўрайди ва ўша ишлар устида уларни муҳосаба қилади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг амр-фармонлари ва Расулининг буйруқларига қаттиқ боғланиб, улардан қилча оғмаслиги вожибдир.
Мана бу ояти карима Аллоҳнинг шариатига риоя этиш ва бирор нарсани ундан олдинга қўймаслик вожиб эканини баён қилмоқда:
1.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تُقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيِ اللَّهِ وَرَسُولِهِ
– „Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни, иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар!“ [49:1]
Ло туқаддиму бу ерда - ло тақаддаму, яъни «илгари бажарманглар», маъносидадир.
Байна ядайиллаҳи ва расулиҳ - Аллоҳнинг амри ва расулининг буйруғи олдида, яъни Аллоҳ ва расулининг амридан илгари маъносида.
مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ
– „… ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи…“, [61:6]
каби, яъни мендан илгари келган Тавротни тасдиқлаган ҳолатда.
Шундай қилиб, оятнинг маъноси: «Эй мўминлар, Аллоҳ ва расулининг амридан сўз ёки феъл билан ошиб кетманглар, сўз ва ишни фақатгина Аллоҳ ва расулининг буйруқларига мувофиқ ҳолда қилинглар». Яъни, Шореънинг хитобига боғланиб, Унинг буйруғини У сизларга баён қилиб берган суратда бажаринглар.
Ибн Аббос (Р.А) оят тафсирида шундай дейди: «Китоб ва суннатнинг хилофидаги нарсани гапирманглар». Заҳҳок эса буни «Динингиз қонунларида Аллоҳ ва расулини қўйиб, бирор бир ишга ҳукм чиқарманглар», деб тафсир қилади.
Ибн ал-Мунзир Ҳасандан ривоят қилиб айтишича, бир қанча одам қурбонлик кунида Расулуллоҳ (С.А.В)дан олдин қурбонлик қилди. Шунда Расулуллоҳ (С.А.В) уларни қайтадан қурбонлик қилишга буюрдилар. Бу оят ўша пайтда нозил бўлган. Ибн Абу ад-Дунё «Қурбонликлар китоби»да бир киши (ҳайит) намозидан олдин қурбонлик қилганида ушбу оят нозил бўлган, деган лафз билан ривоят қилган.
Юқорида айтиб ўтилган сўзларнинг барчасидан Аллоҳнинг шариатига риоя қилиш ва Аллоҳ Субҳонаҳу ва Унинг Расули (С.А.В)нинг амрларига мувофиқ бўлмаган бирор сўз ёки ишни қилмаслик мусулмон кишининг зиммасидаги вожиб эканини ифодалаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Шунингдек, улар етакчилик вазъий аҳкомларники эмас, шаръий аҳкомларники эканига ҳам далолат қилмоқда.
إِنْ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلَّهِ
– „Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир“. [12:67]
2.
وَاتَّقُوا اللَّهَ
– „Ва Аллоҳдан қўрқинглар!“ [49:1]
Албатта, Аллоҳнинг шариатига риоя этишга тақво атф қилингани тақво Аллоҳнинг амр-фармонларини бажариш ва Унинг қайтариқларидан четланишни талаб қилишига буюк далилдир. У далил айрим амалсизлар ўзларининг Аллоҳ фарз қилган ишларни қилмаслигини, ҳаром қилган ишлардан четланмаслигини «Тақво қалбдадир», деб оқлаётганларини пучга чиқарди.
3.
إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيم -1,
– „Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир“, [49:1]
яъни, сўзларингизни эшитиб тургувчи, қилаётган ният ва ишларингизни билиб тургувчи зотдир. Ундан бирор нарсани бирор кимса яшира олмайди. Шундай экан, Унинг шариатига риоя этинглар, Унинг буйруқларига эргашинглар ва содиқ кишилардан бўлинглар.
Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таолодан Ўзининг шариатига риоя этувчи, У ҳалол қилган нарсаларни ҳалол ва ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билувчи ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган кишилардан қилишини сўраб қоламиз.
ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ -54,
– „Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир“. [5:54]